Уринбосарлар

Назорат ўйини: АГМК - "Заря" (Луганск, Украина) 1:1

Бугун жамоамиз яна бир ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.
Украина чемпионати вакилига қарши учрашув иккинчи хориж йиғини доирасида учинчи ўйин бўлди. Бу баҳсда 16 нафар футболчи иштирок этди. Кеча бўлиб ўтган ўйинда иштирок этган бир қатор футболчилар машғулот ўтказиш билан чекланишди. 
Январь ойида ҳам бу жамоалар бир марта ўртоқлик ўйинида майдонга тушишган ва ўша баҳсда луганскликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу галги тўқнашув ҳам қизиқарли ва курашчан руҳда ўтди. Ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди. Жарима майдони ичида Роман Абдулов рақиб футболчисига нисбатан қўпол ўйнаганлиги боис, пенальти белгиланди. "Заря" футболчиси бундан унумли фойдаланди. 39-дақиқада ҳакам рақиб дарвозабони ишлатган қўполлик сабаб пенальти белгилади. Музаффар Музаффаров тепган тўпни Лунин қайтаришга эришди. Иккинчи таймда футболчиларимиз рақибга нисбатан фаолроқ ҳаракатлана бошлашди. Бу 75-дақиқада ўз самарасини берди. Қанотдан жарима майдонига ёриб кирган Ғулом-Ҳайдар Ғуломов бир зарб билан дарвозанинг узоқ бурчагига тўпни йўллади. Ҳисоб тенглашгач, жамоамизда яна бир нечта гол уриш имконияти бўлди. Якуний зарбаларга аниқлик етишмаганлиги боис, ўйин шу ҳисобда якунига етди.
Жамоамиз режасига кўра навбатдаги баҳс 14 февраль куни Харьков шаҳрининг "Гелиос" жамоасига қарши бўлиб ўтади. 15 февраль куни эса Туркманистон чемпиони "Олтин Аср" спарринг рақиб вазифасини ўтайди. Назорат ўйинининг сўнгиси 17 февраль куни Грузия чемпионати вакили "Рустави" жамоасига қарши бўлиб ўтади.