Олий лига

АГМК машғулотларга қайтди, таркибни 5 футболчи тарк этди

"Локомотив"га қарши 15-тур учрашувидан сўнг қисқа таътилга чиққан жамоамиз машғулотларга қайтди.
Бахтиёр Ашурматов бошчилигида жамоамиз пойтахтдаги "Ўзбекистон" меҳмонхонасида истиқомат қилган ҳолда ўз машғулотларини ТТЙМ стадионида олиб бормоқда. Ортда қолган учрашувлар якунига кўра АГМК 13 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг 9-поғонасида бормоқда. Бу кўрсаткич табиийки жамоа мухлислари ва раҳбариятини қониқтирмаслиги аниқ. Шу сабабли, Бахтиёр Аъзамович жамоа таркибини шакллантириш йўлида бир қатор ўзгаришларни амалга оширмоқда. 
Жамоа раҳбарияти, ўзаро келишувга асосида бир қатор футболчилар билан амалдаги шартномаларни бекор қилишга қарор қилди. Бунга кўра жамоани ҳужумчи Вадим Чемиртан, ярим ҳимоячилар Дилшод Жўраев, Отабек Зокиров, Санжар Рихсибоев ва ҳимоячи Миржалол Мирюсупов тарк этди. Жамоамиз аъзолари номидан бу футболчиларнинг кейинги фаолиятларига омад тилайди ва АГМК таркибида кўрсатган ўйинлари учун ташаккур билдиради.