Олий лига

"Навбаҳор" билан баҳсда ғалаба

Бугун жамоамиз 26-миллий чемпионатнинг ўз майдонидаги сўнгги баҳсини ўтказди.
Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасига қарши ўтган бу учрашув анча қизиқарли ва шиддатли тарзда ўтди. Ҳар икки жамоа майдонда ғалаба илинжида тушганлигини ўз ўйини билан намойиш этди. 
Ўйинда дастлабки гол 12-дақиқада қайдномадан жой олди. Илк гол муаллифи Санжар Риҳсибоев қийин вазиятда тўпни рақиб дарвозасига йўллашга муваффақ бўлди. Танаффус вақтида мавсумий абонемент эгалари ўртасида совринли ўйин ташкил этилди. Кўплаб ишқибозлар стадиондан қимматбаҳо совғалар эгасига айланишди.
Иккинчи таймда кураш янада қизғин тус олди. Дарвозалар олдида хавфли вазиятлар кўп бўлсада, ҳар икки посбонни доғда қолдириш осон кечмади. 88-дақиқада Шоҳназар Норбеков дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб борди. Бу вазиятда "Навбаҳор" посбони Асилбек Омонов футболчимизга нисбатан қўполлик ишлатди. Ҳакам рақиб дарвозабонини огоҳлантирди ва пенальти белгилади. Пенальтини Игорь Йелич аниқ амалга ошириб ҳисобни 2:0га етказди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Остон Ўрунов ҳисобни биттага қисқартирди.
Жамоамиз мавсумнинг сўнгги учрашувини 25 ноябрь куни сафарда "Қўқон-1912" жамоасига қарши ўтказади.