Олий лига

Яна мағлубият...

Бугун жамоамиз 23-тур доирасида "Нефтчи"га қарши баҳсни ўз майдонида ўтказди.
Ўтган баҳсда жамоамиз ўз майдонида жорий мавсумда илк мағлубиятга учрагани жамоа аъзоларига қаттиқ таъсир қилганди. Бу ўйинга футболчилар ҳар томонлама тайёргарлик кўришди. Афсуски, буни майдонда акс эттириш борасида муаммолар кўзга ташланди.
Қаторасига 12 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётган Вадим Абрамов шогирдлари бу баҳсга жиддий ҳозирлик кўришганини илк дақиқалардан яширишмади. 4-дақиқада Музаффар Музаффаров узоқ масофадан дарвозани ишғол этди. Голдан сўнг жамоамиз ҳужумлари кескинлашди. Афсуски, дарвозани ишғол этиш борасида уларда аниқлик етишмади. Зафар Полвонов бир неча марта дарвозабон билан бирга-бир вазиятда бўлди.
Иккинчи таймда ҳам ўйин кескин курашлар остида кечди. 65-дақиқада Жаримадан ошириб берилган тўпни Владислав Касминин бош билан дарвозага йўллади. Ҳисоб тенглашгач, ўйин темпи бироз пасайди. Ўйинда якуний голни Музаффаров киритди. У иккинчи марта узоқ масофадан гол уришга эришди.
Жамоамизнинг навбатдаги учрашуви 13 октябрь куни Самарқанд шаҳрида "Динамо" жамоасига қарши бўлиб ўтади.