Олий лига

"Сўғдиёна" мағлуб этилди

Бугун жамоамиз ўз майдонида Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоасини қабул қилди.
18-турдан ўрин олган бу учрашув ҳар икки жамоа учун аҳамиятли эди. Иккинчи давра бошланиш арафасида жиззахликлар жамоа бош мураббийлигига "Олмалиқ" собиқ устози Игорь Шквиринни лозим топди. 9 йил давомида фаолият юритган жамоасига қарши Игорь Анатольевич илк марта бошқа жамоани майдонга бошлаб тушди. 
Ўйин кутилганидек кескин ва шиддатли курашлар билан бошланди. Стадионга тўпланган мухлислар илк голни узоқ кутиб қолишмади. 2-дақиқада бурчакдан ошириб берилган тўпни Шавкат Муллажонов бош билан дарвоза йўллади. Орадан ярим соат ўтиб Зафар Полвонов ҳам рақиб дарвозасини ишғол этди. 
Иккинчи таймда вазият ўзгарди. Мезбонлар ўйинида хотиржамлик ва натижадан қониқиш кўзга ташлана бошлади. Бундан жиззахлик футболчилар унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди. Бу 51-дақиқада ўз самарасини берди. Жарима майдони ичида "Сўғдиёна" футболчиси Отабек Валижоновга нисбатан қўполлик ишлатилди. Ҳакам жамоамиз дарвозаси томон пенальти белгилади. Пенальтини рақиб жамоа тўпурари бўлиб турган Санжар Рашидов аниқ амалга ошириб ҳисобни қисқартирди. Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳам ҳар икки жамоада гол уриш учун бир қатор имкониятлар бўлди. Аммо футболчилар бу вазиятлардан унумли фойдалана олишмади. Учрашув 2:1 ҳисобида жамоамиз ғалабаси билан якун топди. 
Статистикага мурожаат этадиган бўлсак, жамоамиз "Сўғдиёна"га қарши сўнгги 4 баҳсда мағлубиятга учраганди. Бугунги ғалабадан сўнг бу нохуш анъана барҳам топди.
Жамоамизнинг навбатдаги турда ўз майдонида "Локомотив"га қарши ўтказилиши лозим бўлган учрашуви номаълум муддатга қолдирилди. Шу сабаб, жамоамизнинг кейинги ўйини 8 сентябрь куни Қарши шаҳрида "Насаф"га қарши бўлиб ўтади.

Олий лига. 18-тур
19 август
"Олмалиқ" - "Сўғдиёна" (Жиззах) 2:1 (2:0). 3825 томошабин.
Ҳакамлар: Валентин Коваленко - 9,0, Александр Сидоров - 8,6, Дониёр Сайлалов - 8,6, Игорь Худайдатов - 9.
Назоратчи: Рашид Айтеков
ЎзПФЛ вакили: Шерзод Ражабов
"Олмалиқ": 45. Акбар Тўраев, 5. Дилшод Жўраев (88. Игорь Йелич, 55), 10. Шоҳназар Норбеков, 13. Лутфулла Тўраев, 17. Камолиддин Мурзоев, 18. Шавкат Муллажонов, 19. Ислом Иномов, 23. Зафар Полвонов (11. Виктор Клишин, 84), 55. Раҳматулло Бердимуродов, 70. Санжар Рихсибоев (2. Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, 73), 90. Владислав Касминин.
"Сўғдиёна": 16. Музаффар Абдуллаев, 2. Сардор Қулматов, 7. Санжар Рашидов, 8. Сухроб Қобилов, 17. Ихтиёр Тошпўлатов (11. Шоҳрух Достонов, 46), 18. Баҳодир Қаҳрамонов (3. Азамат Исроилов, 81), 27. Отабек Валижонов (4. Элёр Орифов, 74), 47. Шерзод Жалилов, 55. Сардор Қаҳҳоров, 77. Сардор Эминов, 91. Жавлон Гусейнов. 
Голлар: Шавкат Муллажонов, 2, Зафар Полвонов, 32 - Санжар Рашидов, 51 пенальти.
Огоҳлантиришлар: Сухроб Қобилов 15, Санжар Рихсибоев 54, Камолиддин Мурзоев 56, Владислав Касминин 65, Жавлон Гусейнов 65.
Учрашувнинг энг яхши футболчилари: Зафар Полвонов - Санжар Рашидов.