Олий лига

"Навбаҳор" билан яна дуранг

14-турни жамоамиз Наманган шаҳрида маҳаллий "Навбаҳор" жамоасига қарши ўтказди.
Жорий мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлаган водийликлар сўнгги олти ўйинда ғалаба қозона олишмади. Кўп минг сонли мухлислари қаршисида мана шу нохуш анъанага чек қўйиш учун мезбонлар учрашувда кўп тер тўкишларига тўғри келди. Ҳар турда ўз натижасини яхшилаб бораётган жамоамиз ҳам ўзининг мағлубиятсиз сериясини давом эттириш ҳамда Намангандан уч очко билан қайтишни режалаштирганди. Учрашув кутилганидек, шиддатли ва якка курашларга бой тарзда ўтди. Стадионга тўпланган мухлислар ўйинда киритилган голларни сўнгги дақиқаларда кўришди. 83-дақиқада жамоамизнинг собиқ футболчиси Неманья Йованович ҳисобни очди. Голдан сўнг, жамоамиз таркибида бирваракайига уч ўзгариш амалга оширилди. Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Ғулом Ҳайдар Ғуломов ва Камолиддин Мурзоевлар ўрнига майдонга Алибобо Раҳматуллаев, Шота Григалашвили ва Забиҳилло Ўринбоевлар тушишди. Бу ўзгаришлар ҳакам томонидан қўшиб берилган 2-дақиқада ўз самарасини берди. Кетма-кет уч марта бурчакдан тўпни ўйинга киритган футболчиларимиз учинчи уринишда дарвозани ишғол этишди. Гол муаллифи Шавкат Муллажонов бўлди. Шу тариқа ўйин 1:1 ҳисобида якунига етди.
Жамоамиз Наманган шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги баҳслардан дуранг билан қайтиши давом этди. "Олмалиқ" ўтган мавсумда гуллар шаҳридан 3:3 ҳисобидаги жанговор дуранг билан қайтганди. 2015 йилда эса 2:2 бўлганди. 

14-тур. 20 июнь

"Навбаҳор" (Наманган) – "Олмалиқ" – 1:1. 3614 томошабин.

Ҳакамлар: Рустам Бобомуродов (Навоий) – 8,0, Обид Жумаев (Навоий) – 8,2, Руслан Самандаров (Навоий) – 8,2, Игорь Худойдотов (Тошкент) - 9

Назоратчи: Арслон Ҳотамов (Тошкент).

ЎзПФЛ вакили: Алексей Фролов.

Голлар: Н. Йованович (83) – Ш. Муллажонов (90 + 2).

Огоҳлантиришлар: Д. Жабборов (45), Н. Йованович (52) – Р. Бердимуродов (4), Д. Жўраев (6), Ғ. Ғуломов (56), Ш. Норбеков (70).

Энг яхши футболчилар: Н. Йованович – Ш. Норбеков.