Олий лига

Виктор Кумиков: Мақсадимиз ғалаба қозониш эди

Учрашув якунлангач, жамоамиз бош мураббийи Виктор Кумиковдан ўйин борасида фикрлари билан қизиқдик.

Виктор Балютович, бўлиб ўтган ўйин борасида фикрингиз.
- Бу учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилгандик ва бунга эришдик. Ўйин борасида нима дейишим мумкин. Бугунги рақибимиз кучли ва тўпни назорат қила оладиган жамоа бўлганлиги сабаб, шогирдларимга уларни прессинг орқали тўпсиз қолдириш ва қарши ҳужумлардан ҳамда стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишни уқтиргандим.
Бугун Йелич жаримадан гол уришга эришди.
- Ҳа жамоамизда Дилшод Жўраев ва Игорь Йелич жарима тўпларини тепиб туришади. Ўйиндан аввал имконият бўлса дарвозага тўғри зарба беришни айтганман. Бу ҳар доим ҳам ўхшамаган. Машғулотларда буни такрорлашган кўринади. Йелични голи тасодифий бўлди дейиш мумкин.
Рақиб борасида қандай фикрдасиз.
- "Пахтакор" ўз ўйин услубига эга жамоа. Улар намойиш этадиган ўйин мухлисларга ёқади. Бугун рақиб жамоа сафида ҳам бир қатор йўқотишлар бор эди. Шунингдек, бизда ҳам Касминин бугун майдонга туша олмасди. Ўйлайманки, бу жамоа иккинчи даврада анча кучаяди.