Клуб

Юбилей 100-ғалаба муборак!

Кеча жамоамиз Суперлига 4-туридан ўрин олган баҳсда Тошкентнинг "Локомотив" жамоасини мағлубиятга учратди. Бу ғалаба жамоамизнинг миллий чемпионатдаги иштироки давомидаги 100-юбилей ғалабаси бўлди.
2008 йил. Илк ғалаба
2008 йил элитада ўз иштирокини бошлаган жамоамиз биринчи турдаёқ илк ғалабасини нишонлаганди. Дастлабки ютуқ Ғузорнинг "Шўртан" жамоаси билан баҳсда қайд этилган. 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабага Александр Диндиков, Константин Канин ва Бахтиёр Тоғаевлар томонидан урилган голлар бош омил бўлганди.
2009 йил. 10-ғалаба
10-ғалаба жамоанинг иккинчи мавсумида қайд этилди. Кичик юбилейга етиш учун жамоага 34 ўйин керак бўлди. 4 апрель санасида 4-турда Самарқанднинг "Динамо" жамоаси 1:0 ҳисобида мағлуб этилди. Гол муаллифи Мўйдин Мамазулумов бўлди.
2010 йил. 25-ғалаба
Жамоамизнинг элитадаги учинчи мавсуми оғир кечди. АГМК биринчи даврада атиги икки мартагина ғалаба қозонди, холос. Шу иккинчи ғалаба жамоанинг навбатдаги юбилейига тўғри келди. Бу галги кўрсаткич қайд этиш учун 73 ўйин керак бўлди. 13-турдан ўрин олган баҳсда Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Исроил Эргашев ва Мўйдин Мамазулумовлар томонидан урилган икки гол ғалабага етарли бўлди.
2013 йил. 50-ғалаба
Навбатдаги юбилейни узоқ кутишга тўғри келди. Жамоа бу кўрсаткичга 143-учрашувда эришди. Жамоамиз ўз майдонида Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасини 3:1 ҳисобида таслим этди. Евгений Гоголнинг дубли ва Зафар Полвонов голи тарих саҳифаларидаги 50-ғалаба учун етарли бўлди. 
2018 йил. 100-ғалаба
Ютуқлар сонини уч хонали рақам кўринишига келтириш учун жамоамизга 284 ўйин керак бўлди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, кечаги "Локомотив" билан баҳсдаги 1:0 ҳисобидаги ютуқ 100-юбилей ғалаба бўлди. Тарихда қолган бу юбилейга Владимир Бубанья томонидан урилган гол ҳам қўшиб қўйилади.

Юбилей ғалабаларимизга оид қизиқарли ҳолатлар
1, 50 ва 100-ғалабаларда хорижлик футболчилар ўз голлари билан ҳисса қўшишган.
Зафар Полвонов 50 ва 100-ғалабаларда иштирок этган ва ўз ҳиссасини қўшган.
Игнатий Нестеров 50 ва 100-ғалабаларимизда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборган.
Нестеров сингари Олег Зотеев ҳам 50 ва 100-ғалабаларимизда мағлуб жамоа сафида бўлган.
Мўйдин Мамазулумов икки юбилейда гол уришга эришган.   

Жамоамиз томонидан қайд этилган 100 ғалабада мағлуб этилган жамоалар рўйхати:

1. "Металлург" (Бекобод), "Навбаҳор" (Наманган) - 10 мартадан;
2. "Андижон" (Андижон) - 9 марта;
3. "Шўртан" (Ғузор), "Бухоро" (Бухоро), "Қизилқум" (Навоий), "Динамо" (Самарқанд) - 8 мартадан;
4. "Сўғдиёна" (Жиззах) - 6 марта;
5. "Нефтчи" (Фарғона), "Машъал" (Муборак) - 5 мартадан;
6. "Пахтакор" (Тошкент), "Қўқон-1912" (Қўқон), "Локомотив" (Тошкент) - 4 мартадан;
7. "Обод" (Тошкент) - 3 марта;
8. "Хоразм" (Урганч), "Насаф" (Қарши), "Бунёдкор" (Тошкент) - 2 мартадан;
9. "УзДонгЖу" (Андижон), "Гулистон" (Гулистон) - 1 мартадан.

Умумий ҳисобда 100 ғалаба 19 жамоага қарши баҳсларда қайд этилган. Жамоа элитада рақиб бўлган барча жамоани бир мартадан бўлсада мағлуб эта олган.