Клуб

Бугун: АГМК - "Локомотив"

Бугун жамоамиз ўз майдонида Тошкентнинг "Локомотив" жамоасини қабул қилади.
Ўзбекистон суперлигаси 4-туридан ўрин олган жамоамиз иштирокидаги навбатдаги учрашувда амалдаги чемпион "Локомотив" Олмалиқда меҳмон бўлади.
Бу жамоа билан ўтган йилги мавсумда ҳам айнан 4-турда ва энг қизиғи 31 март санасида тўқнаш келгандик. Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда рақиб 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу гал мезбонлик қилиш жамоамиз чекига тушган. Таркибида бир қатор собиқ футболчиларимиз тўп тепадиган темирйўлчиларга қарши ўйин шиддатли ва курашларга бой тарзда кечади деган умиддамиз. Сабаби, жамоамиз бир очко билан турнир жадвалининг 11-поғонасида турган бўлса, "Локомотив" 7-ўринни банд этган. Ҳар икки жамоа ўз олдига мавсумни юқори нотада тугатиш вазифасини қўйган.
Олмалиқ мухлислари бугунги баҳсда жамоамиз шарафини ўз даврида муносиб ҳимоя қилган Олег Зотеев, Санжар Шоаҳмедов, Диёр Туропов, Игорь Йеличларни рақиб таркибида кўришади.
Бугунгача элитада 18 марта тўқнаш келган жамоамизнинг "Локомотив"га қарши статистикаси кўплаб нохуш анъаналар исканжасида қолган. Умумий ҳисобда 3 марта темирйўлчилар жамоамиз томонидан мағлуб этилган. Сўнгги ғалабамиз 2012 йилда кузатилган. Шундан сўнг кетма-кет 11 ўйиндан буён бу жамоани мағлуб этиш имкони бўлмаяпти. Шунингдек, сўнгги беш ўйинда Марат Бикмаев ўйинни голсиз тарк этмаяпти. 
Умумий статистика бўйича ўзаро тўқнашувлар натижаси қуйидагича: 3 ғалаба, 3 дуранг ва 12 мағлубият. Тўплар нисбати 21-42.
Бугунги баҳсда жамоамиз ўз шижоатини намойиш этиб, бу нохуш анъаналарни тўхтатади ва турнир жадвалидаги хавфли зонадан узоқлашишидан умидвормиз.