Клуб

АГМК футболчилари маънавият соатида иштирок этишди

Суперлига тўртинчи туридан ўрин олган "Локомотив"га қарши ўйинга ҳозирлик кўраётган жамоа аъзолари иштирокида Маърифат соати ташкил этилди.
Жамоа футболчилари ҳамда мураббийлар штаби иштирок этган илк Маърифат соатида "Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори бўйича АГМК техник директори Мухтор Қурбонов маърузаси тингланди.
Мухтор Муродович ўз маърузасида мазкур қарор нечоғлик футбол клублари ва футболчилар учун муҳимлиги, унинг ҳар бир бандида катта муваффақиятларга эришиш йўлида лозим бўлган шароит ва кўмак борлигини таъкидлаб ўтди. Мамлакат раҳбари томонидан кўрсатилаётган рағбатга муносиб бўлиш ва АГМК жамоаси ҳам юрт футболи равнақига ўз ҳиссасини қўшиши шарт ва лозимлиги, миллий чемпионатда муносиб иштирок этиш орқали, халқаро майдонга чиқиш ҳар бир футболчида устувор мақсад бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
Маърифат соатида иштирок этган жамоа бош мураббийи Виктор Кумиков Ўзбекистонда спортга жумладан футболга бўлган эътиборни юқори баҳолади. Бу каби шароит ва эътиборга яраша юқори натижалар сари дадил одимлаш ва юрт шаънини ҳамиша муносиб ҳимоя этиш футболчиларнинг бош мақсад эканлигини доимо ёдда тутишларини айтиб ўтди.
Якунда жамоа раҳбарияти, бу каби маърифат соатларини тез-тез ўтказиб турилишини таъкидлаб ўтди.