Клуб

Назорат учрашуви: АГМК - "Сегед 2011" 1:1

Бугун жамоамиз Анталияда давом этаётган иккинчи ўқув-машғулот йиғини режасидан ўрин олган биринчи назорат учрашувини ўтказди.
Бу ўртоқлик назорат баҳси бўлганлиги боис, бош мураббий Виктор Кумиков машғулотларда иштирок этаётган барча футболчиларга майдонга тушиш имкониятини берди. Ўйин давомида тўпни назорат қилиш ва ҳужумлар ташкил этишда жамоамиз фаоллик кўрсатди. Дастлабки 45 дақиқаликда ҳисоб очилмади. Иккинчи таймда ҳар бир жамоа биттадан гол уришга эришди. Дастлаб Вадим Чемиртанга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг, украиналик ҳакам пенальти белгилагач, жабрланувчининг ўзи бу имкониятдан унумли фойдаланиб ҳисобни очди. Бу ўйиннинг 78-дақиқасида содир бўлди. Орадан 4 дақиқа ўтиб рақиб бурчакдан ошириб берилган тўпни Низомиддин Зиёвутдинов қўриқлаётган дарвозага киритишга муваффақ бўлди. Ўйин шу ҳисобда якунига етди.
Жамоамизнинг навбатдаги ўртоқлик учрашуви 9 февраль куни Россиянинг "Нефтехимик" жамоасига қарши бўлиб ўтади.