Клуб

"Олмалиқ" - "Локомотив" 1:3

Бугун Олмалиқ шаҳрида 19-турнинг қолдирилган учрашуви бўлиб ўтди.
Амалдаги чемпионга қарши баҳсга жамоамиз аъзолари яхши тайёргарлик кўришди. Ўз майдонида мағлуб бўлмай келаётган Виктор Кумиков шогирдлари бу гал ҳам анъанани давом эттиришни мақсад қилишганди.
Учрашув кутилганидек, муросасиз ва кескин вазиятларга бой тарзда бошланди. Ҳар икки жамоа ҳам очиқ футбол намойиш этган ҳолда асосий эътиборни ҳужумга қаратди. Хавфли вазиятлар дарвозалар олдида тез-тез содир этилсада, ўйинда илк гол биринчи таймнинг сўнгги дақиқасида киритилди. Ўнг қанотдан ҳужумга ўтган "Локомотив" вакили Марат Бикмаев ўйин қоидаси бузилган ҳолда тўхтатилди. Жарима тўпини жабрланувничини ўзи бажарди ва дарвозани ишғол этишга муваффақ бўлди. Биринчи тайм тўхталишлари учун ҳакам бир дақиқа қўшиб берди. Жамоамиз аъзолари ҳисобда ортда қолмаслик учун дарҳол ҳужумга отланишди. Бир дақиқа олдин меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан Бикмаев ўз жарима майдонида Санжар Рихсибоевга нисбатан қўпол ўйнади. Ҳакам иккиланмасдан Нестеров қўриқлаётган дарвоза томон пенальти белгилади. Пенальтини Игорь Йелич аниқ амалга ошириб ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи таймда ҳам майдонда жамоалар ҳужумкор ўйин намойиш этишди. Афсуски, дарвозани ишғол этишда жамоамиз аъзолари бироз оқсашди. Рақиб эса яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. 61-дақиқада Икром Алибоев яқин масофадан бош билан дарвозани ишғол этган бўлса, 90-дақиқада Сардор Мирзаев ўйинда якуний ҳисобни ўрнатувчи голга  муаллифлик қилди.

"Олмалиқ" - "Локомотив" (Тошкент) – 1:3. 4025 томошабин.

Ҳакамлар: В. Агишев (Тошкент) – 8,4, Р. Нугмонов (Тошкент) – 8,5, С. Еремеев (Тошкент) – 8,4, К. Расулов (Қарши) - 9

Назоратчи: С. Ирматов (Тошкент).

ЎзПФЛ вакили: Ш. Ражабов.

Голлар: И. Йелич (45 + 2 пенальти) – М. Бикмаев (45), И. Алибоев (61), С. Мирзаев (90).

Огоҳлантиришлар: Л. Тўраев (16), И. Йелич (28) – И. Нестеров (5), И. Тўхтахўжаев (29).

Энг яхши футболчилар: И. Йелич – К. Махарадзе.