Клуб

Андрей Демченко: "Сўнгги дақиқаларда гол ўтказиш... алам қилади"

- Сўнгги дақиқаларда мағлубиятга учраш ҳар доим ёқимсиз бўлган. Лекин бу футбол! Футболда вазият ҳар сонияда ўзгариб кетиши мумкин, шунинг учун ҳам бу ўйин барчага ёқади. Бугунги мағлубиятимиз ҳақида нима дейман? Бугун уч очко қўлга киритишимиз учун бизга ҳеч ким ҳалақит бергани йўқ. Шунчаки, вазиятлардан фойдалана олмаслик, бу борадаги кўрсаткичнинг жуда пастлиги ҳатто дурангни ҳам ушлаб қола олмаслигимизга олиб келди. Ваҳоланки, "Олмалиқ" дарвозасини ишғол қилишимиз учун бизда анчагина имконият бўлди. 

Футболчиларим чарчаб қолдими? Бу футболда бўлиб турадиган ҳолат. 90 дақиқа, бундай босимдаги учрашувнинг охирида ўйинчиларда чарчоқ бўлиши табиий, керак бўлса, мезбонларда ҳам бу сезилди. Шундай бўлса-да, йигитлар ғалабани "юлиб" олишга, Олмалиқдан уч очко билан қайтишга ҳаракат қилди. Аммо фойдалана олмадик. Аксинча, биттагина вазиятда "концентрацияни" йўқотишимиздан мезбонлар бундан фойдаланишди. 

Мезбонлар стандарт вазиятларга, қисқа ва узоқ масофаларга тўп узатишга асосланган ўйин намойиш қилишини билардик. Биз бунга жуда яхши тайёргарлик кўргандик. Ўйлайманки, бир-икки вазиятни инобатга олмаса, аксар дақиқаларда бу борада рақибга имконият берганимиз йўқ.