Стадион

ОКМК спорт мажмуаси замонавий стандартлар асосида барпо этилган. Мажмуадаги ҳар бир иншоот халқаро талабларга жавоб беради.

Мажмуа ўртасида жойлашган стадион ўз бағрига 12 мингга яқин мухлисни сиғдира олади. Майдон ўлчами 105х68 метр. Майдон республикамизда ягона бўлиб, унинг 35 % сунъий қопламадан ва қолган қисми табиий майсадан иборатдир.

Ҳар бири 30 нафардан футболчи ва мураббийларга мўлжалланган жами тўртта кийим алмаштириш хонаси спортчилар хизматида. У ерда юмшоқ ўриндиклар, кийим-кечаклар учун махсус шкаф, ювиниш хонаси, массаж хонаси ва бошқа қулайликларга эга зарур шароитлар яратилган.

Стадионда жами 8та сектор мавжуд. Шунингдек, СИП ва ВИп секторлар энг мартабали меҳмонларни қабул қилишга шай ҳолатда. ОКМК спорт мажмуасида ногиронларнинг стадионга кириб-чиқиши ҳам инобатга олиниб, улар учун энг қулай нуқтадан 40та махсус жой ажратилган.

Стадионда 11,5х6,70 метр ҳажмдаги монитор ўрнатилган. Шунингдек, майдон атрофида баландлиги 1,2 метр ва узунлиги 128 метрлик реклама монитори жойлаштирилган.

Ҳакамлар, назоратчилар, экспертлар, комиссарлар ва учрашувнинг бошқа расмийлари учун алоҳида-алоҳида хоналар энг замонавий ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шу билан бирга тиббиёт ва допинг назорати хоналари ҳам мавжуд.

Мажмуа ҳудудида стадион билан бирга иккита ёпиқ спорт майдони (70х38 метр) барпо этилган. Ҳар бирида 500 ўринли мухлисларга мўлжалланган трибуна мавжуд. Шунингдек, кийим алмаштириш, ювиниш, массаж хоналари спортчилар учун ҳозирланган. Бу майдоннинг биринчисидан футзал, гандбол, волейбол ва баскетбол жамоалари, иккинчисидан эса кураш, бокс, гимнастика ва енгил атлетика билан шуғулланувчи спортчилар фойдаланишади.

Мажмуада теннис корти ҳам барча талаблар асосида барпо этилган. Икки тарафлама трибунада 1000га яқин мухлис спортчилар маҳоратидан завф олиши мумкин. Бундан ташқари иккита баскетбол ва теннис машғулот майдони ҳамда стандарт ўлчамдаги (105х68) сунъий қопламали майдон ёш спортчиларни етиштиришда қўл келмоқда.

Учрашувларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун ташриф буюрган журналистлар учун ҳам шароитлар яратилган. 50 нафар журналист, 10 нафар видео оператор, 20 нафар фотомухбирга мўлжалланган матбуот анжуманлари зали, 30га яқин ОАВнинг турли бўғинларидаги вакиллари ўйинолди ва учрашувлардан кейин ишлашлари учун медиа марказ ташкил этилган. ОАВ вакиллари учун стадионнинг қоқ марказидан махсус “медиа трибуна” яратилган ва ушбу сектор 30 нафар журналистга мўлжалланган. Телевидение ва радио шархловчилари учун 2та махсус хона бор. Журналистларнинг иш сифатини янада тез суръатда бўлишини таъминлаш мақсадида юқори тезликдаги интернет хизмати йўлга қўйилган.

Мухлисларнинг стадионга кириб чиқиши алоҳида инобатга олинган бўлиб, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Стадион худуди атрофидаги автомобиллар турар жойи ҳам ҳар қандай шароитда ҳам мухлисларга хизмат кўрсата олади.

Мажмуа тарихи

ОКМК спорт мажмуасини барпо этиш 2011 йилда бошланган. Қурилиш ишлари 2011-2014 йиллар оралиғида давом этиб, ниҳоят 2014 йилнинг март ойида тамомланган. Қурилиш жараёнида асосан ОКМК қошидаги қурилиш трести иштирок этди.

Шунингдек, стадионнинг жиҳозланишида ҳам энг малакали ва жаҳонга машҳур компанияларнинг сифатли маҳсулотларидан фойдаланилган. Стадион майсаси Голландиянинг “Green Fields” фирмаси, югуриш йўлаги Германиянинг “Polytan”, Ёритиш тизими “Musсo Lighting CO LTD” компанияси, электрон табло овоз кучайтирувчи мосламалар Хитойнинг “Beyjing century chengtong elektronics CO LTD” ҳамда электрон реклама мониторлари “Shenzhen Mellow Digital Innovations CO LTD” компанияларидан келтириб ўрнатилди. Ёпиқ спорт майдонларида тўшалган қоплама эса Англиянинг “Eastwide Business LLP” компаниясидан келтирилди

2014 йилнинг 16 март санасида ОКМК спорт мажмуасининг тантанали очилиши маросими ўтказилиб, унда Бош вазир ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов, Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмонов ва ОКМК бош директори Александр Касимовлар иштирок этишди. Шу куни илк расмий учрашув Ўзбекистон миллий чемпионати доирасида “Олмалиқ” ва “Металлург” жамоалари ўртасида ўтказилиб, унда жамоамиз 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

ОКМК спорт мажмуаси жами 13 гектардан иборат. Юқорида санаб ўтганмиздек комплексда асосий стадиондан ташқари, яна 2та ёпиқ майдон, теннис кортлари, баскетбол майдончаси ва сунъий қопламали футбол майдони жойлашган.